Ваш браузер устарел. Рекомендуем обновить его до последней версии.

ҚИСҚА САТРЛАРДА... 

 

Жахонда ном қозонган тиббиётчи, Москва давлат тиббиёт университети Фтизиатрия ва пулмонология илмий текшириш институти директори, профессор Дмитрий Гиллер вилоятимиз шифокорлари билан тажриба алмашди.


“Баркамол авлод” ўйингоҳида енгил атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада 300 га яқин атлетларимиз ўзаро баҳс олиб бордилар.

Тўрақўрғонда яна бир янги маскан фойдаланишга топширилди.

Тўрақўрғон тумани марказидаги Исхоқхон Ибрат мажмуасига ёндош ҳудудлар тобора чирой очиб бормоқда. Мазкур ҳудудда савдо ва маиший кўрсатиш шохобчалари барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

«Тошкент»  маҳалласидаги эски бозор ўрнида янги деҳқон  бозори  ва «Соҳил»  савдо  марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят  ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров иштирок этиб, яқинда Президентимиз томонидан тил ўргатиш мактаби, хиёбон ва музейдан иборат Ибрат мажмуаси тўрақўрғонликларга туҳфа этилганлигини алоҳида таъкидларкан, ҳар томонлама қулай бозор, кўркам ва замонавий савдо маркази ана шу эзгу ишнинг давоми эканлигини айтди.  

Нуронийлар  иштирокида  рамзий лента  қирқилиб, йиғилганлар мажмуага таклиф этилдилар. Икки қаватли савдо марказида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, уй-рўзғор буюмлари савдоси ташкил этилган. Мазкур марказ ишга тушиши муносабати билан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан 40 нафари иш билан таъминланди.

Вилоят ҳокими савдо маркази ва деҳқон бозорида сотувчи ва харидорлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. 


Янги тизим ўзини оқламоқда

Вилоят ҳокимининг тадбиркор ва ишбилармонлар билан ўтказиб келаётган юзма-юз мулоқот жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида интернет тармоғининг телеграм, фейсбук каналлари ва электрон почта орқали мурожаатларини қабул қилиш амалиётини йўлга қўйилгани яхши самара бермоқда.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар натижасида ҳозиргача 170 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 51 тасига (31 фоиз) амалий ёрдам кўрсатилди. 
Жумладан, Наманган туманида янги ташкил этилаётган саноат зонасидан “ Xamidullo Техtile Servis” хусусий корхонаси ҳамда “Нафис дизайн тикувчи” МЧЖга тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 70 сотихдан, “Гўзал” хусусий корхонасига тикувчилик маҳсулотларига ёрдамчи материаллар (фурнитура) тайёрлашни йўлга қўйиши учун 40 сотих, “Водий улгуржи саноат савдо” МЧЖга медицинада ишлатиладиган асбоб ускуналар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиши учун “Косонсой-Фарм” эркин иқтисодий зонасидан 1 гектар ер майдони ажратиб берилди.
“Саид Алмаз” МЧЖга савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ташкил этиши учун 200 миллион, “Бобуршоҳ-Наманган” МЧЖга янги ташкил этаётган меҳмонхонасини жиҳозлаши учун 1,5 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиш масалалари ҳал этилди. 
“Наманган импекс” МЧЖга Янгиқўрғон тумани, Заркент қишлоғидаги икки қаватли собиқ агрофирма биноси 8 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 100 та янги иш ўрни яратиш шарти билан нол харид қийматида фойдаланиш учун берилди.
Навбатдаги очиқ мулоқотда вилоят ҳокими Х.Бозаров тадбиркорлар билан ҳар куни учрашишга уларга амалий ёрдам беришга  тайёр эканлигини билдирди.


 Буюк сиймога эҳтиром

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, улуғ Йўлбошчимиз таваллуд топган сана мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.  

Вилоятимизда ҳам Биринчи Президентимизни ёд этишга бағишланган тадбирлар эрта тонгдан бошланди. 

Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида ташкил этилган тадбирга вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, бошқарма, муассасалар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, меҳнат фахрийлари, диний уламолар таклиф этилдилар. Тадбир иштирокчилари ва барча меҳмонларга эҳсон оши тортилди. 

Тадбирни вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, шоир Зиёвуддин Мансуров очди. 

Наманган давлат университети профессори Турсунбой Файзуллаев мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигимиз асосчиси, бугунги обод ва фаровон ҳаётимиз бунёдкори Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини сўзлаб берди. 

Тадбир сўнгида қилинган Хатми Қуръон ўтганлар, хусусан, Биринчи Президентимизнинг ёрқин хотирасига бағишланди. Марҳум Ислом Каримовнинг руҳлари шод, ётган жойлари обод бўлишини тилаб дуои фотиҳа қилинди. 

Тадбирда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров иштирок этди. 

Биринчи Президентимизни ёд этишга бағишланган тадбирлар давом этмоқда. 

Буларнинг барчаси, албатта, халқимизнинг Биринчи Президентимиз хотирасига бўлган ҳурмати, у кишидан миннатдорлигининг ёрқин ифодасидир.


 Йўловчиларга янада қулайлик

Наманган шаҳар ҳокимининг 2018 йил 18 январдаги 54-сонли қарорига асосан 2018 йил 1 февралдан бошлаб шаҳар йўналишларида қатновчи автобусларда “ЯГОНА”, “ТАЛАБА”, “ЎҚУВЧИ”, “НАФАҚА ОЛУВЧИ ВА НОГИРОН” турларидаги имтиёзли, арзонлаштирилган ойлик йўл патталари амал қилади.

 Имтиёзли ойлик йўл патталарининг нархлари йўлкира тарифи 600 (олти юз) сўм бўлганда қуйидагича:

 “ЯГОНА” турдаги патталар 23 фоиз чегирма билан сотилади, нархи  - 48,0 минг сўм;

 “ТАЛАБА” турдаги патталар – 50 фоиз имтиёз билан сотилади, нархи 24,0 минг сўм;

  “ЎҚУВЧИ” турдаги патталар – 50 фоиз имтиёз билан сотилади, нархи 24,0 минг сўм;

 “НАФАҚА ОЛУВЧИ ВА НОГИРОН” турдаги патталар –  50 фоиз имтиёз билан сотилади, нархи 24,0 минг сўм;

 Ойлик йўл патталари 2018 йилнинг 25 феврал кунидан бошлаб Наманган шаҳрининг “Чорсу”, “Сардоба” ва 1-кичик туман “Автосалтанат”  ҳудудида (хар ойнинг 25 санасидан кейинги ойнинг 5 санасигача),  эрталаб соат  9:00 дан 17:00 гача сотилади.

 Шунингдек, жамоа ва гуруҳ бўлиб олувчилар шаҳар ҳокимлиги хузуридаги “НАМТРАНСАВТО” департаментига мурожаат этишлари мумкин.

 Манзил: Наманган шаҳар, Ҳуррият кўчаси, 66-уй (Шаҳар ҳокимлигининг 3-қават, 21-хонаси), телефон рақами: 227-31-27


 “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида Наманган вилояти аҳолисига янги реанимобиллар топширилди.

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига “Саломатлик-3” лойиҳаси бўйича Жанубий Корея Республикасида ишлаб чиқарилган 10 та янги Hyundai русумли реанимобиллар келтирилди. Ушбу реанимобилларнинг ҳар бирининг баҳоси 28500 АҚШ доллари, яъни 227 миллион 625 минг сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг ўзида жами 90 та реанимобиллар олиб келиниб фойдаланишга топширилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасаруфидаги бундай автотранспортлар жами 178 тани ташкил этади. Йилнинг охиригача бундай реанимобиллардан яна 14 дона олиб келиш режалаштирилган. Бугун топширилган реанимобиллардан 7 таси Наманган шаҳрида, 3 таси эса вилоятимиз туманларида аҳолининг саломатлиги учун хизмат қилади. Ушбу автомашиналарни топшириш маросимида Наманган вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосари Пахриддин Маткаримов ҳамда Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солихон Мўминов қатнашдилар. 


 Енгил саноат мажмуасида йилига 50 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади

Наманганда “Uztex” компаниялари гуруҳининг «Uztex Uchkurgan” қўшма корхонаси иш бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда “Ўзбекенгилсаноат” аксиядорлик жамияти, “Uztex” компаниялари гуруҳи ва иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тўқимачилик саноати корхоналари ва хорижий ҳамкор компаниялар вакиллари, журналистлар иштирок этдилар. 

Президентимиз раҳнамолигида саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида енгил саноат тармоғида экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар тобора кўпайиб бораётгани таъкидланди.

 Буни Наманган вилоятида жорий йилнинг 9 ойида ишлаб чиқарилган 2,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотининг 34 фоизи енгил саноат тармоғига тўғри келаётгани ёки бу экспорт ҳажмининг 48,5 фоизини ташкил қилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. 

 “Uztex Uchkurgan” Ўзбекистон – Буюк Британия – Сингапур қўшма корхонаси юртимизда яратилган қулай сармоявий муҳит, маҳаллий хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани самарасидир. Бу йирик лойиҳа “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари Дастури”га асосан амалга оширилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида “ Uchkurgan Техтile” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилган эди.

Унинг узвий давоми сифатида «Uztex Uchkurgan” ип йигирув ва тўқув корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Ҳар икки корхонани ўз ичига олган мажмуа замонавий усулда пахта ва аралаш толадан ип-калава, момиқ мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

16 гектар майдонни эгаллаган енгил саноат мажмуасини қуриш, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлашга қарийб 120 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Мамлакатимиздаги энг йирик тўқимачилик мажмуаси бўлган ушбу корхонада йилига 16 минг 500 тонна ип-калава ҳамда 7 минг тонна момиқ мато ишлаб чиқарилади. 1000 дан зиёд киши меҳнат қилаётган йигирув-тўқув мажмуасининг йиллик экспорт салоҳияти 50 миллион долларни ташкил этади. 

Бугунги кунда вилоятда етиштирилаётган пахта толасининг 38 фоизи қайта ишланаётгани, биргина шу корхонанинг ишга туширилиши натижасида ушбу кўрсаткич келгуси йилда 54 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Ҳудудий дастурларга кўра, 2020 йилга бориб пахта хомашёси тўлалигича маҳаллий шароитда қайта ишланади.

Рамзий лента қирқилиб, корхонанинг расмий очилиши эълон қилинди ва 105 ёшли меҳнат фахрийси Тоштемир ота Камолов оқ фотиҳа берди. Тадбир иштирокчилари мажмуа ишлаб чиқариш сехлари билан танишди. 
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди. 


 Автобус бекатлари замонавий қиёфада

Наманган шаҳрининг марказий кўчалардаги автобус бекатларини реконструкция қилиш ишлари бошланди. Эндиликда шаҳримиздаги бекатлар ҳам энг ривожланган мамлакатлардаги бекатлардан қолишмайдиган даражада қулайлик касб этади. 

Бир вақтлар ривожланган мамлакатлардаги автобус бекатлари ҳам кондиционерлар билан таъминланиши ҳақидаги хабарлар ҳаммани ҳайрон қолдирган бўлса, ривожланган мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида фаол ислохотлар амалга оширилаётган юртимиз учун ҳам эндиликда йўловчилар учун барча шарт-шароитларга эга бекатларни бунёд қилиш оддий ҳолатга айланмоқда. 

Наманган шаҳрининг Ислом Каримов, Алишер Навоий, Бобуршох ва бошқа марказий кўчаларида шаҳар архитектура бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида замонавий, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадига асосий эътибор қаратилган ойнаванд, исистиш ва совутиш тизимлари билан жиҳозланган, савдо дўконини ўз ичига олган жамоат транспортлари тўхташ бекатларига айлантирилади. Лойиҳаларни амалга ошириш икки ой муддатда амалга оширилиши белгиланган. 

Замонавий бекатларни бунёд этиш ҳамда йўловчиларга қишин-ёзин бир хилда ҳарорат ҳамда иқлимни таъминлаб бериш имконини берадиган даражада реконструкция қилиш мақсадида чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича Наманган шаҳар ҳокимининг жорий йил 25 октябрдаги 1335-сонли Қарори қабул қилинган.