Ваш браузер устарел. Рекомендуем обновить его до последней версии.

ҚИСҚА САТРЛАРДА...

Ёшлар Иттифоқиниг рамзи тасдиқланди

 Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилган эди.

Танлов шартида кўрсатилган муддат давомида 450 га яқин ижодий ишлар келиб тушди. Логотиплар соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди ва ҳар томонлама мақбул кўрилган вариант танланди.

Натижага кўра Мелиев Рустам Толипович ғолиб деб топилиб, у Марказий Кенгаш томонидан 10 млн сўм миқдорида пул мукофоти билан  тақдирланди.

Ташкилотнинг рамзи 2017 йилнинг 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйҳатдан ўтказилди.


 

Сурхондарёда “Термиз Карго” экспорт марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон мамлакатларининг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва саноат, ҳамкорлик, иқтисодий масалалар бўйича масъул раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ишбилармон доиралар иштирок этдилар. 

 Кўргазмада 80 дан ортиқ корхоналарнинг 300 дан зиёд маҳсулотлари намойиш этилиб, республикамизда ишлаб чиқарилаётган буғдой, дуккакли махсулотлар, хўжалик моллари, қурилиш  материаллари ва бошқа махсулотларни Афғонистонга экспорт қилиш бўйича 35.8 млн доллар миқдоридаги шартномалар имзоланди.

 Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўргазмада Афғонистон давлатидан 130 дан ортиқ тадбир-корлик субъектлари иштирок этдилар. 


Олий таълим муассасалари магистрлари ва уларни тайёрлаш билан банд бўлган педагог кадрларнинг малака даражасини баҳолашга оид тест синовлари 2017 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Тест синовлари умумметодологик фанлар блокидаги “Ахборот тизимлари”, “Хорижий тил” фанларидан ҳамда мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу имтиҳонга барча битирувчи курс магистратура талабалари ва шу фанлардан дарс берадиган профессор-ўқитувчилар жалб этилади. 

Президент Дональд Трамп Ўзбекистон Президентининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан ўтказилган қабул маросими иштирокчиларига мурожаат йўллади

Бугунги оқшомда Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева мезбонлик қилаётган қабул маросимида иштирок этаётганларга ўз саломларимни йўллайман.

Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга унинг Оқ уйга амалга оширган тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда мураккаб масалалар ва ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди. Мен Американинг минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш учун Президент Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга қаратилган иқтисодий лойиҳаларни сармоялашга бўлган сафарбарлиги учун у раҳбарлик қилаётган мамлакатга ҳурматимни изҳор қиламан.

Президент Мирзиёев мени ишонтириб таъкидладики, Ўзбекистонда катта мақсадларни кўзловчи ислоҳотлар дастури бардавом ва муқаррардир. Мен амниканки, Президентнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратаётган эътибори унинг халқи ҳаётини янада улкан фаровонлик ва барқарорликка етаклайди. Биргаликда биз Ўзбекистонда ҳисобдорлик ва шаффофлик масалаларини янада яхшилай оламиз. Бу эса Америка компанияларининг фаолияти учун замин ҳозирлаб, мамлакатларимиздаги бандликни оширишга ёрдам беради. 

Мелания ва мен Президент Мирзиёев ва Биринчи хоним Зироат Мирзиёевага Америка Қўшма Штатларига қилган унутилмас ташрифлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Биламан, бу янгиланган ҳамкорлигимиз ва бизнинг икки мамлакат олдидаги янада ёрқин келажакнинг бошланиши холос.


 

Аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида амалга оширилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди.110 гектар майдонни эгаллаган ушбу боғда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, кичик стадион, муз саройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, йирик аттракционлар, эртаклар шаҳарчаси, савдо шохобчалари, кутубхона ва интернет кафе, боулинг ва фитнес клублари, ҳунармандлар маркази, амфитеатр, аквапарк ва бошқа объектлар бўлади. Ўзига хос ландшафтга эга бўлган ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гуллар кўчатлари экилиб, ботаника боғи яратилади. 

Мазкур кўнгилочар масканда йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатиш мўлжалланган. Уни 2019 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш, 1 минг 500 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.  Бугунги кунда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари истироҳат боғини сифатли ва хавфсиз барпо этиш бўйича тавсиялар берди. Нафақат вилоят, балки мамлакатимизда қиёси йўқ бўладиган мазкур паркка "Афсона" деб ном беришни таклиф қилди. 

Шу ерда Наманган шаҳри Гулистон даҳасида бунёд этилиши мўлжалланган “Namangan City”, Поп туманида қуриладиган замонавий савдо мажмуаси ва "Pop eco park" каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.


 Президент Наманганга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Наманган вилоятига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари 2017 йил июлда вилоятга ташрифи чоғида вилоятдаги туман ва шаҳарларда бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқлар изчил амалга оширилиши натижасида саноат ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ишларнинг сифати, ислоҳотларнинг бориши билан танишади, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни белгилаб беради. 


 

Президент Tashkent City лойиҳалари билан танишди

Tashkent City халқаро бизнес маркази қурилиши Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари аввал ҳам бу ерга ташриф буюриб, ташкилий, молиявий масалалар юзасидан кўрсатмалар берган эди.

Пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилаётган мазкур замонавий комплексда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади. 

Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Tashkent City қурилиш участкасида бўлди. Беш юлдузли меҳмонхона ва конгресс-хол қурилишининг бориши билан танишди. 

Мазкур иншоотларни замонавий ва сифатли қилиб қуриш, йирик халқаро анжуманларни ўтказиш учун кенг имкониятлар яратиш, геология, сейсмология ва иқлим шароитларини ҳисобга олиш бўйича топшириқлар берди.


 Ўзбекистон ва Россия Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Давлатимиз раҳбари Владимир Путинни 18 март куни бўлиб ўтган Россия Федерацияси Президенти сайловида эришган ишончли ғалабаси билан табриклади.

Сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида жамиятни бирлаштириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ниҳоятда кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида таъкидланди. 

Ўзбекистон ва Россия ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. 

2017 йилнинг апрель ойида Россияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф, шунингдек, томонларнинг мунтазам мулоқоти икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиб, уни сифат жиҳатидан янги, амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди. 

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, банк-молия, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва кўплаб бошқа соҳаларда аниқ натижаларга эришилди. 

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашди. 

Сайёҳлик ва маданият соҳасидаги алмашинувлар кенгаймоқда, таълим ва соғлиқни сақлаш бўйича қўшма дастурлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари икки томонлама шерикликни янада кенгайтириш масалалари, шунингдек минтақавий ва халқаро сиёсатнинг қатор долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар. 

Суҳбат якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди. 

Россия Президенти самимий қутлов ва тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдириб, мамлакатимизга ташриф билан келиш таклифини мамнуният билан қабул қилди.


 Ўзбекистон Президенти Россия молия вазирини қабул қилди 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни икки томонлама идоралараро маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуановни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва мулоқотлар, эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги чора-тадбирлар мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, кўп қиррали, шу жумладан, молиявий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Бугунги кунда икки мамлакат молия вазирликлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида яқин ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, юқори тоифада ва экспертлар даражасидаги ўзаро ташрифлар ва икки томонлама тадбирлар ўтказилмоқда, илғор тажриба ва билим алмашиш борасида фаол иш олиб борилмоқда, қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Учрашувда молиявий соҳадаги самарали мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Молия, солиқ ва божхона органларини модернизация қилиш, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш ва мутаносиблигига эришиш, молиявий назорат механизмларини такомиллаштириш, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар бўйича илғор тажриба, технологиялар ва билимларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йирик савдо ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Молия вазири давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Антон Силуанов Россия мамлакатларимиз ўртасида молиявий соҳадаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги, бу борадаги шерикликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Президент Бухоро шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди

Президентимизнинг ўтган йилги ташрифидан сўнг Бухоро вилоятида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги уй-жойлар, йўлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, маданият ва спорт мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бу борадаги ишлар бугун ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бухоро шаҳридан Когон шаҳригача бўлган йўлнинг икки четида арзон кўп қаватли уй-жойлар барпо этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ушбу уй-жойлар қурилиш участкасида бўлди. 

Ўтган йили май ойида бошланган қурилиш ишлари 27 та пудрат ташкилотлари томонидан олиб борилмоқда. Ушбу 39 та кўп қаватли турар жой битгач, 1024 та оила ўз уйига эга бўлади. Шу пайтгача шаҳарда бунча кўп қаватли уй қурилмаган. Уйларни жорий йил март ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Турар жойларни тез ва сифатли қуриш, бунда замон талаблари ва аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш, барча ижтимоий-маиший шароитларни яратиш зарурлиги таъкидланди. 

Шу ерда Бухоро шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Улардан бири - Ислом Каримов кўчаси қиёфасини ўзгартириш лойиҳасидир. Унга мувофиқ, кўчанинг икки томонида замонавий бинолар, яшил ҳудудлар, дам олиш масканлари ва бошқа объектлар барпо этиш режалаштирилган. 

Шунингдек, Ибн Сино, Айний, Ҳамза, Иқбол ва бошқа кўчаларда кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, маиший хизмат объектлари барпо этилмоқда. Бу аҳолини арзон ва замонавий уйлар билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз лойиҳаларни такомиллаштириш, сифат ва муддатга амал қилиш бўйича кўрсатмалар берди.


 Қарши шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали очилди.

Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ислом Каримов раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятида ҳам хотира тадбирлари бўлиб ўтди. 30 январь куни Қарши шаҳрида Биринчи Президентимиз ҳайкалининг очилиш маросими ўтказилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари буюк сиёсатчи ва доно ислоҳотчи Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган ишлари Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирганини таъкидлади. 

Ислом Каримовнинг ҳайкалини Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова очди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фаоллар иштирок этди.


  Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар Академиясида бўлди

Давлатимиз раҳбари  Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги арафасида янгидан қуриб битказилган Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди. 

Маълумки, Президентимиз 2017 йилнинг   январь ойида Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида бўлиб, мазкур билим юрти замирида мутлақо янги Қуролли Кучлар Академиясини ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 апрелдаги қарори билан Қуролли Кучлар Академияси қайта ташкил қилинди.  

Бутунлай замонавий қиёфа касб этган Академияда  таълим жараёнига энг янги усул ва технологиялар жорий этилган.  Ўқув аудиториялари замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган.  

Президентимиз Академияда яратилган шароитлар билан танишди. Ўқув хоналари, ошхона, курсантлар ётоқхоналарида бўлиб, уларнинг таълим олиши, ҳарбий амалиётларни бажаришини кўздан кечирди.  

Давлатимиз раҳбари курсантлар билан суҳбатлашди. Уларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги билан  табриклади. Аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, ҳарбий, дунёвий билимларни пухта эгаллаши лозимлигини таъкидлади.


 Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ташриф буюрди. 

Зангиота туманидаги “Highway Logistics” марказида ташкил қилинган божхона бўлими, мавжуд техникалар, транспорт қатнови ва маҳсулотларни ортиш ҳамда етказиш тизими билан танишиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлашда  замонавий технологияларни қўллаш  бўйича  зарур кўрсатмалар берди.

Бу каби логистика марказларини ҳар бир вилоятда ташкил қилиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Тошкент вилоятининг экспорт салоҳиятини ошириш,  2018-2019 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш, чорвачилик, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш дастурлари тақдимоти бўлиб ўтди. 

Президент лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича мутассаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Давлат раҳбари Янгийўл шаҳридаги “Файзли” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Шу ерда Янгийўл шаҳринининг Бош режаси лойиҳаси, шаҳардаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш дастури ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини замонавий технологиялар асосида  такомиллаштириш тўғрисида маълумот берилди.

Янгийўл шаҳрида 86 минг 800 аҳоли истиқомат қилади. 241 та кўп қаватли уйлар бўлиб, уларга хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади.

Президентга тақдим қилинган лойиҳаларда шаҳарда оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ва янгилаш дастури, Тошкент вилоятининг  Қибрай ва Зангиота туманларида сув таъминотини яхшилаш, Чирчиқ шаҳрининг иссиқлик тизимини такомиллаштириш каби маълумотлар ўрин олган.

Давлат раҳбари  «Файзли» маҳалласи профилактика инспектори уйида бўлди.

Аҳоли билан мулоқот қилди.

Президент Янгийўл шаҳридаги мавжуд кўп қаватли уйларни жорий йил охирига қадар тўлиқ  таъмирлаш, 7 қаватли 12 та янги кўп қаватли уй-жой, замонавий боғ, бозор, супермаркет, кўприк қуриш бўйича мутассаддиларга топшириқ берди.

 Давлат раҳбари Янгийўл шаҳрига ташрифи давомида  тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати  билан танишди. 

Бирлашманинг кўз касалликлар ва кардиология бўлимларида бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олди. 

Мутассаддиларга мазкур тиббиёт марказини қайта қуриш, аҳоли саломатлиги йўлида ҳеч нарсани аямаслик кераклигини таъкидлади.