Ваш браузер устарел. Рекомендуем обновить его до последней версии.

Шавкат Мирзиёев янги сайланган Қирғизистон президентини табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон республикаси президентлигига янги сайланган Сооронбай Жээнбековни табриклади, деб хабар бермоқда ТИВ расмий сайти. 

«Сизнинг ғалабангиз чуқур тузилмавий ислоҳотлар ва мамлакатдаги ўзгаришлар, аҳоли фаровонлигини янада ошириш, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тотувликни таъминлаш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакат нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган режа ва дастурларингизнинг қардош Қирғизистон халқи томонидан кенг қўллаб-қувватланишидан далолат беради», - дея таъкидланади Ўзбекистон раҳбари мактубида.  

Қайд этилишича, Ўзбекистон ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда ва халқлар фаровонлиги йўлида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни йўналтиришга тайёр.  

«Мен сўнгги йилда эришилган юқори даражадаги конструктив сиёсий мулоқот ва томонларнинг мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун ўзаро ҳурмат ҳамда умумий манфаатларни ҳисобга олиш принциплари асосида иш олиб бориши янада ривожланишига ишончим комил», - дея таъкидланади мактубда.  

Ўзбекистон президенти Сооранбай Жээнбековга мустаҳкам соғлик ва янги маъсулиятли давлат фаолиятида муваффақиятлар, Қирғизистон халқига эса – тинчлик ва фаровонлик тилаган. 


  Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни туғилган куни билан муборакбод этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбарининг расмий сайти.

Давлатимиз раҳбари мулоқот аввалида Россия Федерацияси Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, Россия раҳбарининг мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустахкамлаш, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдаги алоҳида ўрни ва улкан шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Жорий йил апрель ойида Россияга амалга оширилган самарали давлат ташрифи ва бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаб, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро алоқаларнинг сезиларли жадаллашгани кузатилмоқда: кейинги ойларда Россия ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси И.Шувалов, Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Патрушев, қишлоқ хўжалиги вазири А.Ткачев, саноат ва савдо вазири Д.Мантуров, Татаристон раҳбари Р.Миннихонов ва бошқалар ташриф билан Ўзбекистонда бўлдилар. Олий ва юқори даражадаги яна қатор ташрифларни амалга ошириш режалаштирилган.

Ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бормоқда – йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди.

Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида нефть-газ ва нефть-кимё соҳалари, металлургия, машинасозлик, электр техникаси саноати, фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фаоллашди. Маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда.

Яқинда Москва ва Бутун рус Патриархи Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилгани таъкидланди.

Мулоқот чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот сўнгида давлатимиз раҳбари Россия Президентини яна бир бор самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва улкан муваффақиятлар, дўст Россия халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Россия раҳбари Ўзбекистон Президенти ва халқига самимий табрик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини алоҳида таъкидлади. 


Янги қонун лойихаси

Кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди

 Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар 32,4 мингдан ошиқ кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатмоқда. Хозирги кунда республикамиз аҳолиси тез суръатлар билан демографик ўсишига қарамай, уйларни ипотека кредити асосида берилиши ҳисобига уларни қуриш ва реконстукция қилиш кенгаймоқда, яъни 1991 йилда одам бошига 12,4 кв.м. уй-жой тўғри келган бўлса ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 15.2 кв.м.га ортди.

Мамлакатимизда 2017 йил январь-июнь ойларида йиллик инвестиция ҳажмининг 5166,8 млрд. сўми ёки 19,4 фоизи даражасида уй-жой қурилиши ишлари амалга оширилган.

Аҳолига уй-жойлар қуриш фаол ривожланмоқда. Табиий равишда соҳада ечим топиш лозим бўлган янги масалалар вужудга келмоқда.

Ана шулардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 12 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан “Кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 Қонун лойиҳасида кўп квартирали уйларда умумий мулкни техник ва санитар сақлаш,  жорий ва мукаммал таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш, ҳовли атрофини кўкаламзорлаштириш, болалар майдончасига хавфсиз ва замонавий ўйингоҳ конструкцияларини ўрнатиш, инженер-муҳандислик тизимларини сақланувчанлигини таъминлаш, санитар-эпидемиологик ва техник талабларга ҳамда ёнғин хавфсизлиги тартибларига риоя этилиши, хонадон ичида таъмирлаш ишларини қўшниларга халақит қилмасдан бажариш тартиблари ва бошқа масалалар назарда тутилган.

 Бундан ташқари, бинолар, турар жой ва ёрдамчи хоналарнинг архитектура-режалаштириш ечимларини ўзгартириш билан боғлиқ ёки бинолар конструкцияларининг юк кўтариш қобилиятига таъсир қилувчи ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, хонадонларни таъмирлаш жараёнида ички тутиб турувчи девор ва устунларни қайта жойлаштириш, вентиляция шахталари ва каналларини ўзбошимчалик билан ўзгартиш ва реконструкция қилишни тартибга солиш, шунингдек, кўпхонадонли уйларда яшовчилар, ёшлар ва болалар ўртасида турли мусобақалар ҳамда байрамлар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таклифларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди