Республика ишчи гурухи аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
gallery/photo_2018-07-17_13-53-06

Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар иш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича сектор раҳбарлари, республика ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бириктирилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар режаси бўйича қатор фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Шунингдек, 5 кунлик амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланди ва йўл қўйилган камчиликлар кўриб чиқилиб, жойларда ҳал этилмаган масалалар юзасидан манзилли режалар ишлаб чиқилди.

Муллакудингдаги қабртошининг вазни маълум бўлди

Оммавий ахборот воситаларида аввалроқ хабар берилганидек, Ишоқхон Ибратнинг насл-насаби Аҳмад Яссавийга туташ эканлиги маълум. Муллакудинг қишлоғида (Наманган тумани) кўҳна қабристон ҳудудидаги Чиллахона айвонида турган улкан қабртош битиклари ҳам буни исботлайди. Қабристон зиёрати ҳақидаги ҳадиси шариф билан бошланувчи арабий ёзувларнинг мазмуни шундай: «Бу қабр яхши хислатлар ва одатлар ҳамда кароматлар эгаси, етук ва комил Шайх Неъматуллоҳ Хожа эшон Туркистонийникидир. У киши ҳижрий 1251 (милодий  1835) йилда вафот этдилар. У кишидан сўнг Суннатуллоҳ Хожа эшон ҳижрий 1267 (милодий  1851) йилда қазо қилдилар. Булар Ҳазрат Султон Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидандирлар, уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Булардан бошқа яна Неъматуллоҳ Хожа авлодларидан бўлган Суннатуллоҳ Хожанинг  ўғиллари Атоуллоҳ Хожа эшон бордир. Ул киши ҳижрий 1323 (милодий  1905) йилда вафот этдилар».  Хуллас,  Чиллахона

gallery/02

мақбарасининг ёнидаги темир панжара билан ўралган қабрларга Ибратнинг ота томондан катта бобоси Неъматуллоҳ хожа, бобоси Суннатуллоҳ хожа  ва укаси Атоуллоҳ хожа (1865–1905) дафн этилган. Бу жойда яна бир қабр бўлиб, уни Ишоқхон Ибратнинг рамзий қабри эканлиги ҳақида фаразлар бор. Аҳмад Яссавийнинг укаси Садр хожа авлодларидан бўлган Неъматуллоҳ хожа Туркистондан Наманган заминига ХВИИИ асрнинг иккинчи ярмида келиб, жойлашиб қолган.  Айтилишича, бу улкан тошни Ибрат 1905-1935 йиллар оралиғида Олабуқа тарафдан (Қирғизистон) олиб келган. Ҳозирги кунда тошдаги ёзувларнинг бир қисми кўчиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Шу пайтгача мавҳум бўлиб келган мазкур тошнинг ҳажми ва оғирлигига яқинда аниқлик киритдик. У 270 килограмм тош босди. Бўйи – 140 сантиметр, эни уч хил: пасти – 70, ўртаси – 45, юқориси  – 50 сантиметр. Мазкур қабристонда Ибратнинг укаси Атоуллоҳ тўранинг икки қизи  Ҳуринисихон (1896-1961) ва Ҳуринидохонлар (1905-1986) ҳамда Ибратнинг невараси Рашодхон тўра (1933-2003) ҳам мангу қўним топишган. Ҳуринисихоннинг турмуш ўртоғи, Ибратнинг тўнғич ўғли Аббосхон тўра 1937 йили сургун қилиниб, бедарак кетган.  Хайрулло Аббосов  ана шу Аббосхон тўранинг зурриёди Рашодхон тўранинг кенжа фарзанди бўлиб, у қадамжонинг саришталигини сақлаб турмаганида, бу азиз жойлар аллақачон қаровсиз ҳолга келиб қолган бўлар эди. Аждодларига эҳтиром кўрсатишни ўз бурчи деб билган Хайрулло  Аббосов каби юртдошларимизнинг савобли ишлари барчамизга ибратдир.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўзгарди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ўтказилган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида кадрлар тизимида бир қатор тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий сайтида маълумот берилди.

Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Самадович Нуриев эндиликда Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. 1981 йилда таваллуд топган Салоҳиддин Нуриев Наманган вилояти адлия тизимига 2014 йил май ойидан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Унинг ўрнига Хайрулло Исмоилович Собиров Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Эслатиб ўтамиз, Хайрулло Собиров бошқарма бошлиғи ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётганди.

Маълумот ўрнида, Хайрулло Исмоилович Собиров 1980 йил 24 сентябрда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент давлат юридик университети тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос.

Хайрулло Собиров меҳнат фаолияти давомида республика Адлия вазирлиги кадрлар бошқармаси етакчи маслаҳатчиси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи, Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида иш олиб борган.

Олиб қочилган “Дамас” машинаси топилди.
gallery/2ac4516c3931d0c0349383dc4680c7c9

Наманган шаҳрида 18 июль куни номаълум шахс “Жасмин” ошхонаси олдида эшиклари очиқ ҳолда қаровсиз қолдирилган Х.С. бошқарувидаги  “Дамас” русумли автомашинасини ҳайдаб қочган. Олиб борилган қидирув ишлари натижасида автомашина “Яшил” деҳқон бозори олдидан техник соз холда топилган.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни 1-микрорайонда яшовчи Ш.М. маст ҳолда содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинган, деб хабар беради ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.